воскресенье, 24 сентября 2017 г.

Янги ўқитувчи

     Мана, ниҳоят 3 кун олдин тайинланган янги ўқитувчининг дарси бугун. Ҳамма, ҳатто, "гитарист" лақабли Элёр ҳам ич-ичидан: "Қанақа ўқитувчи экан", деб ўйламоқда. Янги ўқитувчи хонага кириб, аввало, бор-йўқ қилиб олишдан бошлади ишини. Элёрнинг фамилияси энг охиридалигигами, гали келгунча мудраб қолибди.
     —Йўлдошев!
     —А? Ммм.. мен!
     —Яхши, энди бугунги, биринчи дарсни сизлар билан, хулқингиз, қобилиятларингиз-у, ўзлаштиришларингизга қўшиб танишиб олишдан бошлаймиз. Бунинг учун эса, "Бизнинг олийгоҳ" мавзусида қисқагина оғзаки суҳбат ўтказамиз.
      "Ҳамма қатори эканку", деб ўйлаган Элёрнинг энсаси қотиб, хиқиллаб кулиб юборди.
     —Қани, кимдан бошлаймиз? Йўлдошев! Нимадир кулгили туюлган бўлса ҳам, диққатингизни менга қаратишингизни сўрардим. Хўш, мавзу аниқ, бошланг, эшитамиз!
     Элёр бундай вазиятларга кўп бор тушган. Қандай қилиб чиқиб кетишни жуда яхши билади.
     —Бизнинг Олийгоҳимиз жуда ҳам ажойиб. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси ўз ишининг усталари...
     Янги ўқитувчи Элёрнинг сўзларини диққат билан эшитиб ўтирибди.
     —Ўқув хоналари замонавий тарзда таъмирлаб, жиҳозланган. Ҳар йили таътил пайтида яна бир бора таъмирдан ўтказилади.
     —Мҳм... демак, таъмирлаш учун пул йиғиб турасизлар, шунақами?
     Элёр бундай саволни кутмаган бўлса-да, сўзини йўқотиб қўймади.
     —Йўқ, Муҳтарам Юртбошимизнинг шарофатлари билан таълим тизимига ажратилган маблағ...
     —Мавзудан четлашмай, давом этинг, демак бизнинг олийгоҳ...
      —...талабаларнинг таълим олишларига жуда катта эътибор берилади. Ўқув йили давомида давомат деярли юз фоиз, ўртача ўзлаштириш тўқсон фоиздан юқори эканлиги ҳам балки шунгадир.
     —Шошманг-шошманг, нима, сизларда пахта йўқми?
     Элёр ана энди росмана довдираб қолди.
     —Н-ним-ма дедингиз? Қанақа пахта?
     —Пахта теримига мажбурий сафарбар қилиш хақида айтяпман.
     Элёр негадир яқиндагина пахта териб қадоқ бўлган қўлларини яширди.
     —Сиз ёшлар бизнинг келажагимизсиз ахир! Нега энди ҳозирданоқ хатолар-у, камчиликларга кўз юмишни ўзлаштиряпсизлар? Сиз айтмасангиз ким айтади?! Унутманг, хақиқатни, ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат хақиқатни гапириш— инсонийликнинг асосий белгиларидан!
     Элёр дув қизариб кетди. Қолган талабаларнинг ҳам ранглари ўзгариб қолган.
     —Йўлдошев! Гапирасизми, йўқми?!
     Элёр дик этиб ўрнидан турди.
     —Ҳа, мен... биз доимий равишда хоналарнинг таъмири учун пул йиғамиз. Айрим домлаларга ҳатто, шахсий эҳтиёжлари учун ҳам пул тўлашга тўғри келган. Ҳар ўқув йилида 1-2ойлик пахта теримига жўнатиламиз. У ерда...
     Элёр гапира туриб, курсдошларининг анграйган нигоҳларини сезиб қолди. Янги ўқитувчининг ранги оқариб кетган.
     —Бас қилинг! Нималар деб жавраётганингизни биласизми? Пахта— бизнинг бойлигимиз! Иккинчи эшитмай, ўтиринг жойингизга!
     Элёр ўзига келиб, жойига ўтирди ва ёнидаги курсдошига: "Уйғотиб қўйсанг ўласанми?", деб ғудуллаб қўйди...

среда, 13 сентября 2017 г.

Ҳаётга қайтиш

     Саъдулла ака уйда ёлғиз қолди. Аёли ва келинлари аллақайси қариндошининг тўйига, ўғиллари эса, ишга кетишган. Нафақа ёшига етган бўлса-да, ҳали ҳам нафақага чиқмай, ишлаб юрганди. Бугун дам олиш куни. Ўзини қандайдир ёлғиз ҳис қилди. Авваллари ҳам дам олиш кунлари уйда ёлғиз қолармиди, ўшанда ҳам ўзини шундай ҳис қилармиди, эслолмади. Кўнгли ғашланди-ю, негалигини ҳеч билолмади. Бирор иш қилсам, чалғирман, деб ўйлаб ҳовлига чиқди. Аксига олиб, келинлари ҳовлини чинни-чироқ қилиб йиғиштириб кетишибди.
     Ҳовлида маъносиз айланиб юриб, ҳовлидаги ўра ёнидан ўтаётганда ўра ичига бироз сув йиғилиб қолганини кўрди. "Иш топилди-я, шукр", деб хурсанд бўлганча, ўрани сувдан тозалашга киришди. Бир киши зўрға ичига тушадиган ўранинг ичига тушиб-чиқиб, челаклаб сувни ариққа таший бошлади. Охирги челак сувни олиб, ўранинг лабига қўйди ва ўзи чиқмоқчи бўлганда оёғи тойиб, ўра ичига орқаси билан жойлашиб қолди. Аввалига, довдираб қолди.  Қўл-оёғини қимирлатолмай, чиқишга роса беҳуда ҳаракат қилди. Бақириб ёрдам чақириб ҳам кўрди, қўшнилари овозини эшитишмади. Ҳозиргина сувдан тозаланган ўранинг бетон туби белини зирқиратиб оғрита бошлади.
     "Ажалим шу ўра ичида келиши пешонамда бор экан шекилли, боя кўнглим ғаш бўлгани бекорга эмас экан", деб ўйлаб, тақдирга тан бериб жимгина калима қайтариб ётди. Кўз ўнгидан бутун умри кино лентасидай ўта бошлади. Баъзи ишларини эслаб хотиржам бўлса, баъзи ишларини эслаб, чиқишга яна бир бора ҳаракат қилиб кўрди.
     2соатча ётганидан кейин, яшашдан зерика бошлаганини сезди. Негадир ҳали ҳам тирик.
   "Кичик набирамнинг суннат тўйини кўролмас эканман. Қизиқ, додам қанилар, деб хархаша қилармикин?"
     "Қўшнимда бироз қарзим бор эди. Ишқилиб, болаларим тўлаб рози қилишсин, қарз қиёматга қолмасин..."
     "Менда қарзи борларга қарздан кечганимни айтиб қўйсам қандай яхши бўларди-я. Пулни ўзим билан олиб кетармидим барибир..."
     Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Саъдулла ака ўрнидан туриб, телефонга жавоб берди
     —Алло, Саъдулла ака, қарзимни кейинги ҳафта берсам бўладими? Бу ҳафта бир оз харажатли ишларим брр эди.
     — Ука, қарз олаётганда бунақа гап йўқ эдику? Мен ҳеч нимани билмайман, шу ҳафтадан қолмасин!
    Гўшакни тарс этиб қўйди-ю, ҳозиргина ўзи билмаган ҳолда чиқиб кетган ўрага қараб кулиб юборди.