вторник, 24 октября 2017 г.

Ёмон одамлар

Ризқимни териб юрибман яшаб,
Ҳеч кимга зиёним тегётгани йўқ.
Қайдан менга бунчалар ғазаб,
Кўргани кўз йўқ, отганичи, ўқ?

Ахир, уларни танимайман ҳам,
Йўлимда рўпара бўлмаган сира.
Мени ер қилмоқ уларга не ғам,
Шод бўлсам, таъблари бўларми хира?

Балки айбдорман, билиб ё билмай,
Кўнглини оғритиб қўйганим бордир?
Айтсалар бўлмасми, ғийбатим қилмай,
Кечирмоқ наҳотки, шунчалар оғир?!

Ўйласам, ҳаётнинг шуниси қизиқ,
Асли уларнинг ҳам борлиги яхши.
Умр- бир қоғозга тортилган чизиқ,
Ундайлар ана шу чизиқнинг нақши.

Дўстимдан, деб қабул қилсангиз,
Бир тилагим бор, айтаман сизга.
Мени йиқитишни мақсад билсангиз,
Сира ҳам етолманг муродингизга.

суббота, 14 октября 2017 г.

Рости

   Биласизларми нима? Мен ҳаммадан бошқачаман. Мақтаниш эмас бу. Шунчаки, ҳамма яхши ва мен ҳаммадан бошқачаман.
     Мен ёмонман. Кўнглимдан ўтаётганларини тузук тушунтирмайман-у, мени тушунишмагани кўнглимга ботади. Жудаям қизғанчиқман. Муаммоларимни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман. Ҳеч кимга ҳеч нарса айт(ол)майман-у, менга таскин беришларини истайман. Худбинман. Ҳамма мени яхши кўришини хоҳлайман. Нега ёмон кўришади ахир?
    Яқинларимнинг (улар ростдан ҳам яқинларим) менга бўлган эътиборларига муносиб жавоб бера олмайман.  Бунинг учун мендан кўп хафа бўлишади. Виждоним қийналади, албатта. Лекин шунчалик ғурурлиманки, яна асл сабабни тушунтирмай, мендан хафа бўлмасликларини сўрайман. Қанийди, бир йўли бўлсаю ҳеч нарса айтмасам, лекин  мени тушуна бошлашса. Йўқ, яхшиси, қанийди, айтолсам...
     Ўзимни фақат эшитиш учун яралгандек ҳис қиламан. Менга муаммолари-ю, дардларини ишониб айтган, маслаҳат кутганлар кўп. Маслаҳат беришни ҳам қойиллатаман ўзи. Лекин ҳеч кимга ўзим хақимда гапиргим келмайди. Баъзан ёрилиб кетишимга оз қолади. Ўшанда кимгадир муаммоларим хақида гапирмоқчи бўламан. Энди оғиз жуфтласам, "Сенинг муаммоларинг билан унинг нима иши бор?", деган ўй келади.
     Баъзида менга берилган маслаҳатларни эшитиб, мен берган маслаҳатларга ҳам бошқалар амал қилмаслигига ишона бошлайман. Ростдан ҳам, четдан туриб маслаҳат беришдан осонроқ нима бор? Танаси бошқа дард билмас, дейишади. Ҳа, ҳамманинг танаси бир бўлса ҳам, менинг танам бошқа. Мен— бошқачаман. Бу мақтаниш эмас...
     Буларни ёзмасам бўлмасди. Рости, маза қилдим. Енгил тортдим. Энди бемалол хафа бўлишинглар мумкин.

пятница, 6 октября 2017 г.

Зулфиячи қизга уйланаман

Салом берсанг, алиги бор,
Яхшиликдан дараги бор,
Бирозгина эркалиги бор,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Шеър ёзади бирам тўкис,
Мафтун қилар— фокус-мокус!
Бўлмасидан ёши ўттиз,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Севимли мавзу— пахта,
Термаганлар дўзахда!
Ўйлаб ёзар, пишиқ-пухта,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Ҳаёт— пахтадан иборат,
Пахта теринг, шудир ибодат,
Дуолари бўлар ижобат,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Усиз ўтмас бирор тадбир,
Ҳамма ерда ҳозир-нозир,
Чаққон экан, эплар ахир,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Хафа бўлманг, қилманг араз,
Сўзим— ўзингиз каби беғараз.
Хаёл суринг, қилинг фараз,
Зулфиячи қизга уйланаман!

Мендан бўлсин кўнглингиз тўқ,
Ўзингиздан қолар гап йўқ,
Рози бўлинг, қилмайман дўқ,
Зулфиячи, сизга уйланаман!