"Аср.узда аср янгилиги! Аср кашфиёти! Ўзбек олимлари узоқ вақтлик изланишлардан сўнг, ниҳоят, коррупцияга қарши курашувчи, супермегакучли онгга эга, хақиқий одамга жуда ҳам яқин бўлган роботни яратишди!"
Олимтой қилган кашфиётининг сархушлигида матбуотда эълон қилиниши мумкин бўлган хабарни ўзича тахмин қилиб, димоғи янада чоғ бўлиб кетди. Тонг отиши биланоқ, лабораторияга қўшоёқлаб югуриб, бош Профессор Таваккал Қилдиев ҳузурига киришга ошиқди. Ҳали ҳатто бошлиқ ҳам келмаган. Соатига қараса, иш вақти бошланишига 1соат бор. Йўлакдаги скамейкалардан бирига ўтириб, бошлиқдан эшитадиган мақтовлари, ихтиросининг орқасидан келадиган даромад хақида ширин хаёлларга берилиб кетди...
-Ие, Олимтой, нечук, бугун эрта келибсиз?
-Мен.. э-ҳа, сизнинг олдингизга келгандим.
Ичкарига кириб, котибага бир пиёла чой айтиб юборилгач, Олимтой муддаога кўчиб қўя қолди.
-Таваккал ака, бир робот яратгандим, коррупцияга қарши курашадиган. Шуни патентлагани...
-Ўҳҳў, қанақа робот экан у? Бир бошдан гапирингчи.
-Хуллас, роботимнинг номи шартли равишда, Saturday 009. Уни кўриб, одам деб ўйлайсиз. У ҳар қандай суҳбатда коррупция, порахўрликка салгина ишора бўлиши билан, супэрмэгакучли онг ёрдамида вазиятни таҳлил қилиб, порага шаъма қилганнинг исм-шарифи, уй ва иш манзилини процессорига ўрнатилган GPS ёрдамида хотирасига ёзиб олади. Ҳатто, баъзи маҳфий йўллар билан унинг биопаспортидаги маълумотларни ҳам сақлаб, имзосини ўзлаштириб олади. Агар яна бир бор шаъма бўлса, дарҳол "Мен порахўрлик жиноятини содир этдим, Исмим фалончи, ихтиёрим сизда, ҳар қандай жазога тайёрман", деган мазмунда ягона порталга ўзлаштирилган имзо билан иқрорнома жўнатади. Қарабсизки, порахўр жазосини олади. Мен ҳозир...
У шундай деб, ташқарига чиқиб кетди ва ҳеч қанча вақт ўтмай, бир йигитча билан кириб келди.
-Мана у!
-Ажойиб, жуда ҳам ажойиб! Офарин! Лекин биласизми, Олимтой, ҳозир бу ихтироингизни патентлаш бироз харажат талаб қилади. Айтмоқчиманки...
Шу пайт роботнинг кўзлари катта-катта очилиб, гапира бошлади:
-Мен Таваккал Қилдиев, порахўрлик жинояти содир этдим...
-Узр, Таваккал ака, овозсиз режимга ўтказиш эсдан чиқибди.
Профессор бироз ўзини йўқотиб қўйоан бўлса-да, сир бой бермади.
-Айтмоқчиманки, бунинг барча харажатларини ўзим кўтараман. Фақат мендан нарироқ юрса бўлди. Эртагаёқ ёрдамчи робот сифатида таништириб, 3-бўлимга ишга жойлаб қўяман буни.
Орадан бир неча кунлар ўтиб, ижтимоий тармоқлар орқали порталга келиб тушган турли хил иқрорномаларнинг суратлари тарқала бошлади. Бундай иқрорномалар сони кўплиги, хар сафар янгиси чиққанда 3-бўлимда бир иш ўрни бўшаши лабораториянинг обрўсига путур етказа бошлади. Охири бўлмади. Профессор Олимтойни чақиртириб, суҳбатлашиб олишга мажбур бўлди.
-Биласизми, Олимтой, роботингиз ажойиб тарзда синовдан ўтди. Энди балки уни тўхтатсак бўлар а?
-Очиғи, сизга нима деб тушунтиришни ҳам билмайман. Роботнинг супермегакучли онги устидан бошқарувни йўқотиб қўйдим. Онг ўзини ўзи бошқариб, дастур буйруқларига умуман бўйсунмаябди. Ҳозир 3-бўлимнинг бошлиғи вазифасини ҳам ўзи бажарябди.
-Буни шундай қолдириб бўлмайди, бу кетишда ҳаммамиз қамалиб кетамизку!?
-Ха, нима қилишга ҳам ҳайронман...
-Гап бундай. Сиз робот ҳузурига киринг ва уни ўзингизнинг бўлимингизга ишга ўтишга кўндиринг. Фақат эҳтиёт бўлинг, порахўрликни бўйнингизга илиб қўймасин. Уёғи бир гап бўлар.
Олимтой ўша куниёқ ўзи яратган робот ҳузурига кирди.
-Ассалому алайкум, Сатторжон ака, мумкинми?
-Киринг. Нима хизмат?
-Шу десангиз, сиз шу курсига ўтирганингиздан бери 3-бўлимнинг обрўси жуда ҳам кўтарилиб кетди. Ишлар ҳам режадагидан зўр кетябди. Бошлиғимиз сизни бизнинг бўлимда ишлашингизни хохлаябдилар. Хабарингиз бор, бизда охирги пайтлар ишлар жойида эмас.
Роботнинг юзида табассум ифодаси кўринди.
-Ҳа, шундай дэнг. Хозир ишлар жуда ҳам кўп эдику-я, лекин бир йўлини қилса бўлади.
Робот атрофга бир қараб олиб, гапида давом этди...
***
Ижтимоий тармоқлар орқали навбатдаги, антиқа иқрорнома сурати тарқалиб кетди.
"Мэн Saturday 009 порахўрлик жинояти содир этдим. Ихтиёрим сизда. Ҳар қандай жазога тайёрман."
Бу блог орқали қандай мавзуни ёритишим, нима ҳақида ёзишимни, рости, ҳали ўзим ҳам билмайман. Шунчаки, Бир кўнгилдан бошқа кўнгил(лар)га йўлланган Мактуб деб қабул қилгайсиз...
вторник, 31 января 2017 г.
Оламшумул кашфиёт
понедельник, 9 января 2017 г.
Қисқа ҳикоялар
У ижтимоий тармоқдаги саҳифасига риёкорлик, иккиюзламачиликнинг ёмонлиги хақида чиройли, таъсирли пост ёзиб қолдирди. Бироздан кэйин кириб қараса, ўнлаб марта лайкланган, коммэнтарияларда пост хақида мақтовлар ёзилган.
Ич-ичидан хурсанд бўлиб, ёзганидан ғурурланиб қўйди...
***
"Одамлардан кўп яхшилик кўрганман, ўша яхшиликларни қайтариш учун ажойиб имконият, қайтармаса ҳам майли", дэб ўйлади қарз бэраётган одам.
"Кэчагина бошқаларга ёрдам бэриб, одамларнинг ҳожатини чиқариб юрардим. Бугун қарз олаябман. Тэзроқ аҳволим яхшиланса, одамларга янада кўпроқ яхшиликлар қиламан", дэб ўйлади қарз олаётган одам..
***
-Азизам, яна озгина сабр қилсак, ҳаммаси яхши бўлади.
-Биргаликда сабр қилаётганимиз энг яхшисику..
***
"Энди 25ёшга кирдим, ўйнаб-кулиб олай", дэб ўйларди.
"Ўшанда ахмоқлик қилмаганимда, нэвараларимни ўйнатиб ўтирган бўлармидим", дэб ўйлайди энди..
***
-Кўзингизга қараб юрсангиз бўлмайдими?
-Узр, яхши қиз. Кэлинг, ўзим тэриб бэраман.
Улар узоқ ва бахтли ҳаёт кэчиришибди..
***
"Қўшним жудаям ғалати одам-да. Тавба, нэга унақа экан? Нуқул қандайдир иғво тарқатиб юради. Қачон қарама, кимнидир ғийбат қилаётган бўлади. Зиқналигини айтмайсизми. Ана, мэн тарафга кэлябди. Бирон нимани қойиллатиб қўйгандай гэрдайиб юришиничи?"
-Ие, қўшнижон, яхшимисиз, кэлинг-кэлинг, ҳозир сиз хақингизда ўйлаб тургандим..
***