Мана, ниҳоят 3 кун олдин тайинланган янги ўқитувчининг дарси бугун. Ҳамма, ҳатто, "гитарист" лақабли Элёр ҳам ич-ичидан: "Қанақа ўқитувчи экан", деб ўйламоқда. Янги ўқитувчи хонага кириб, аввало, бор-йўқ қилиб олишдан бошлади ишини. Элёрнинг фамилияси энг охиридалигигами, гали келгунча мудраб қолибди.
—Йўлдошев!
—А? Ммм.. мен!
—Яхши, энди бугунги, биринчи дарсни сизлар билан, хулқингиз, қобилиятларингиз-у, ўзлаштиришларингизга қўшиб танишиб олишдан бошлаймиз. Бунинг учун эса, "Бизнинг олийгоҳ" мавзусида қисқагина оғзаки суҳбат ўтказамиз.
"Ҳамма қатори эканку", деб ўйлаган Элёрнинг энсаси қотиб, хиқиллаб кулиб юборди.
—Қани, кимдан бошлаймиз? Йўлдошев! Нимадир кулгили туюлган бўлса ҳам, диққатингизни менга қаратишингизни сўрардим. Хўш, мавзу аниқ, бошланг, эшитамиз!
Элёр бундай вазиятларга кўп бор тушган. Қандай қилиб чиқиб кетишни жуда яхши билади.
—Бизнинг Олийгоҳимиз жуда ҳам ажойиб. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси ўз ишининг усталари...
Янги ўқитувчи Элёрнинг сўзларини диққат билан эшитиб ўтирибди.
—Ўқув хоналари замонавий тарзда таъмирлаб, жиҳозланган. Ҳар йили таътил пайтида яна бир бора таъмирдан ўтказилади.
—Мҳм... демак, таъмирлаш учун пул йиғиб турасизлар, шунақами?
Элёр бундай саволни кутмаган бўлса-да, сўзини йўқотиб қўймади.
—Йўқ, Муҳтарам Юртбошимизнинг шарофатлари билан таълим тизимига ажратилган маблағ...
—Мавзудан четлашмай, давом этинг, демак бизнинг олийгоҳ...
—...талабаларнинг таълим олишларига жуда катта эътибор берилади. Ўқув йили давомида давомат деярли юз фоиз, ўртача ўзлаштириш тўқсон фоиздан юқори эканлиги ҳам балки шунгадир.
—Шошманг-шошманг, нима, сизларда пахта йўқми?
Элёр ана энди росмана довдираб қолди.
—Н-ним-ма дедингиз? Қанақа пахта?
—Пахта теримига мажбурий сафарбар қилиш хақида айтяпман.
Элёр негадир яқиндагина пахта териб қадоқ бўлган қўлларини яширди.
—Сиз ёшлар бизнинг келажагимизсиз ахир! Нега энди ҳозирданоқ хатолар-у, камчиликларга кўз юмишни ўзлаштиряпсизлар? Сиз айтмасангиз ким айтади?! Унутманг, хақиқатни, ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат хақиқатни гапириш— инсонийликнинг асосий белгиларидан!
Элёр дув қизариб кетди. Қолган талабаларнинг ҳам ранглари ўзгариб қолган.
—Йўлдошев! Гапирасизми, йўқми?!
Элёр дик этиб ўрнидан турди.
—Ҳа, мен... биз доимий равишда хоналарнинг таъмири учун пул йиғамиз. Айрим домлаларга ҳатто, шахсий эҳтиёжлари учун ҳам пул тўлашга тўғри келган. Ҳар ўқув йилида 1-2ойлик пахта теримига жўнатиламиз. У ерда...
Элёр гапира туриб, курсдошларининг анграйган нигоҳларини сезиб қолди. Янги ўқитувчининг ранги оқариб кетган.
—Бас қилинг! Нималар деб жавраётганингизни биласизми? Пахта— бизнинг бойлигимиз! Иккинчи эшитмай, ўтиринг жойингизга!
Элёр ўзига келиб, жойига ўтирди ва ёнидаги курсдошига: "Уйғотиб қўйсанг ўласанми?", деб ғудуллаб қўйди...
Бу блог орқали қандай мавзуни ёритишим, нима ҳақида ёзишимни, рости, ҳали ўзим ҳам билмайман. Шунчаки, Бир кўнгилдан бошқа кўнгил(лар)га йўлланган Мактуб деб қабул қилгайсиз...
Комментариев нет:
Отправить комментарий