Саъдулла ака уйда ёлғиз қолди. Аёли ва келинлари аллақайси қариндошининг тўйига, ўғиллари эса, ишга кетишган. Нафақа ёшига етган бўлса-да, ҳали ҳам нафақага чиқмай, ишлаб юрганди. Бугун дам олиш куни. Ўзини қандайдир ёлғиз ҳис қилди. Авваллари ҳам дам олиш кунлари уйда ёлғиз қолармиди, ўшанда ҳам ўзини шундай ҳис қилармиди, эслолмади. Кўнгли ғашланди-ю, негалигини ҳеч билолмади. Бирор иш қилсам, чалғирман, деб ўйлаб ҳовлига чиқди. Аксига олиб, келинлари ҳовлини чинни-чироқ қилиб йиғиштириб кетишибди.
Ҳовлида маъносиз айланиб юриб, ҳовлидаги ўра ёнидан ўтаётганда ўра ичига бироз сув йиғилиб қолганини кўрди. "Иш топилди-я, шукр", деб хурсанд бўлганча, ўрани сувдан тозалашга киришди. Бир киши зўрға ичига тушадиган ўранинг ичига тушиб-чиқиб, челаклаб сувни ариққа таший бошлади. Охирги челак сувни олиб, ўранинг лабига қўйди ва ўзи чиқмоқчи бўлганда оёғи тойиб, ўра ичига орқаси билан жойлашиб қолди. Аввалига, довдираб қолди. Қўл-оёғини қимирлатолмай, чиқишга роса беҳуда ҳаракат қилди. Бақириб ёрдам чақириб ҳам кўрди, қўшнилари овозини эшитишмади. Ҳозиргина сувдан тозаланган ўранинг бетон туби белини зирқиратиб оғрита бошлади.
"Ажалим шу ўра ичида келиши пешонамда бор экан шекилли, боя кўнглим ғаш бўлгани бекорга эмас экан", деб ўйлаб, тақдирга тан бериб жимгина калима қайтариб ётди. Кўз ўнгидан бутун умри кино лентасидай ўта бошлади. Баъзи ишларини эслаб хотиржам бўлса, баъзи ишларини эслаб, чиқишга яна бир бора ҳаракат қилиб кўрди.
2соатча ётганидан кейин, яшашдан зерика бошлаганини сезди. Негадир ҳали ҳам тирик.
"Кичик набирамнинг суннат тўйини кўролмас эканман. Қизиқ, додам қанилар, деб хархаша қилармикин?"
"Қўшнимда бироз қарзим бор эди. Ишқилиб, болаларим тўлаб рози қилишсин, қарз қиёматга қолмасин..."
"Менда қарзи борларга қарздан кечганимни айтиб қўйсам қандай яхши бўларди-я. Пулни ўзим билан олиб кетармидим барибир..."
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Саъдулла ака ўрнидан туриб, телефонга жавоб берди
—Алло, Саъдулла ака, қарзимни кейинги ҳафта берсам бўладими? Бу ҳафта бир оз харажатли ишларим брр эди.
— Ука, қарз олаётганда бунақа гап йўқ эдику? Мен ҳеч нимани билмайман, шу ҳафтадан қолмасин!
Гўшакни тарс этиб қўйди-ю, ҳозиргина ўзи билмаган ҳолда чиқиб кетган ўрага қараб кулиб юборди.
Бу блог орқали қандай мавзуни ёритишим, нима ҳақида ёзишимни, рости, ҳали ўзим ҳам билмайман. Шунчаки, Бир кўнгилдан бошқа кўнгил(лар)га йўлланган Мактуб деб қабул қилгайсиз...
Комментариев нет:
Отправить комментарий