Дэкабрь. Янги йил байрамини нишонламаса-да, синфдош қизларнинг кўпчилиги "бу йил охирги йиғилишимиз бўлиши мумкин", дэйишгани учун йўқ дэя олмади. Борди ўша йиғилишга. Балки бормаслиги кэракмиди...
Кун ажойиб ўтди. Мактабни битиргандан кэйинги бир нэча йилдан бэри бундай ажойиб ўтмаганди ҳэч бир йиғилишлари. Дэкабрьнинг қисқа куни соат кундузги 3-4лардаёқ тарқалишни тақозо этарди. Тарқалиш олдидан Мэгапланэтга (у пайтлар ҳали Макро очилмаган) кириб овқатланишди. У ердан чиққач, қизлар бироз олдинлаб кэтишди. Аниқроғи, болалар чэкиб олиш учун атай қизларни олдинга ўтказиб юбориб, ўзлари сэкинлашишди. Шу ерда 5-6қадам нарида кэтаётган 2қиз унинг эътиборини тортди. Улардан бири яшил рўмоли ўзига жуда ҳам ярашиб турган истараликкина, иккинчиси эса, узун сочлари қора пальтоси бўйлаб тушиб турган бироз ёши каттароқ қиз. Рўмолли қиз ўзининг нимаси биландир уни ўзига маҳлиё этди. Ҳалиги ёши каттароғи тэлэфонда ким биландир гаплашиб кэтар, яшил рўмолли эса, жимгина атрофни кузатиб борарди. Шу пайт ёши каттароқнинг тэлэфони ўчиб қолдими, "уффф, ўлдим", дэб юборди. Қизлар билан нима баҳонада танишиб олишни билмай кэтаётган йигит учун бу айни муддао бўлди. Уларнинг олдига борди... Балки, бормаслиги кэракмиди...
—Яхши қиз, мани тэлэфонимдан гаплашволақолин, ўлдириб қўйишмасин.
—Батарэйкэззи бэриб тура қолин. Бэгона номэрдан қисам, гап эшитаман.
Йигит шундагина қизнинг қўлидаги тэлэфонига аҳамият бэрди. Худди уникидай Nokia X2. "Омадимдан ўргилай", дэб ўйлади-ю, батарэйкани чиқариб бэрди. Балки бэрмаслиги кэракмиди...
Шу баҳона улар танишиб олишди. Ораларида шундай туйғу пайдо бўлди-ки, йигитнинг ўтмишидаги барча "ширин туйғу"лар ўтмишда қолди. Яшил рўмолли қиз уни буткул ўзига боғлаб қўйганди. Ўз навбатида, қиз ҳам унга боғланиб қолган, бир-бирларини жуда қаттиқ яхши кўришарди. Уларни бир-бирларига боғлашда катта аҳамиятга эга бўлган кунлар ўтгани сайин, ўрталаридаги туйғу ҳам кучайиб борди. Бу орада йигитнинг онаси синглисини узатиб юборишса, ҳамма иш ўзига қолиб кэтиши, қийналиб қолишини рўкач қилиб, унинг бошини икки қилиш ҳаракатига тушиб қолди. Кэлин ҳам тэзда топилақолди. Аслида, анча олдин топиб бўлинган, расман совчилар орқали ишни пишитиш қолганди, холос. Томонлар кэлишиб, тўй кунини бэлгилашди. Йигит яшил рўмолли қиздан айрилгиси кэлмас, буни ўйласа, кўзига дунё тор бўлиб кэтарди. Шу ерда икки ёш бэбошлик қилишди. Йигит яшил рўмолли қиз билан никоҳ ўқитиб олишга қарор қилди. Қизни ҳам кўндирди...
Бу орада йигитнинг онаси топган кэлин йигитнинг унда кўнгли йўқлигини, у билан "учмаётганини" тушунди. Унинг ўзи ҳам ҳали анча ёш бўлгани учун турмушга чиқишга тайёр эмасман дэб ҳисобларди. Икковлари ўзаро кэлишиб, катталарга айтиб тўйни тўхтатишди. Худди кинолардагидэк...
Йигит ва яшил рўмолли қизнинг биргаликдаги ҳаётлари бошланди. Қизнинг онаси аввалига йигитни ёмон кўриб юрди, кэйин тақдирга тан бэриб куёвидай кўра бошлади. Йигит бир хонадонни ижарага олиб, ўша ерга қизни онаси билан жойлаштирди. Улар асосан, ўз уйларида туришса-да, йигит ҳафтада 2-3марта уйдан турли баҳоналар билан чиқиб, ижара уйга борадиган, қиз ҳам ўша кунлари ўша уйга кэладиган бўлди...
У ўзини буткул бахтли ҳис қилиши учун, ҳотиржамлик кэраклигини билиб яшарди. Лэкин ота-онасига айтишга журъат йўқ... Хотинининг "мэнинг ҳам кэлин бўлиб ойижон-адажонларнинг хизматларини қилгим кэлади", дэган гапларига жавобан "сабр қил озгина, вақти кэлса айтаман уларга", дэб қўярди...
Шу тариқа вақтлар ўтди. Бугун уларнинг бир ўғиллари бор. Ҳаётларига ўрганиб ҳам кэтишган. Лэкин йигит бу ҳаёти қандайдир бир катта ҳаво шарига ўхшашини, бу шар бир кун ёрилажагини билиб яшайди. Шундай бўлса-да, у бахтли. Жуда ҳам. Ҳаммадан ҳам...
Бу блог орқали қандай мавзуни ёритишим, нима ҳақида ёзишимни, рости, ҳали ўзим ҳам билмайман. Шунчаки, Бир кўнгилдан бошқа кўнгил(лар)га йўлланган Мактуб деб қабул қилгайсиз...
Комментариев нет:
Отправить комментарий