четверг, 25 октября 2018 г.

Ҳикоя

Намоз шом маҳал беш-олти йигит
Қизғин суҳбатлар қуриб туришар.
Кўчанинг бир ёни эски бир масжид,
Иккинчи ёнида яшарди улар.

Қизигандан қизиб борарди суҳбат,
Ўтганин билдирмай ўтди кўп вақтлар.
Бир ажиб чақирув янгради шу вақт:
"Аллоҳу акбар! Алло-о-ҳу акбар!"

Йигитлар бирдан қолишди шошиб,
"Таҳорат янгилаб олиш керак-ку?!"
Яна баъзилар ич-ичдан тошиб
Айтишар: "Намоз энг олий неъматку?!"

Фақат улардан бирин хаёли
Уй томон тушиб қолди ногаҳон.
Уйида кутарди фарзанд, аёли,
Дўстлари бу ҳолдан бўлишди ҳайрон.

"Ҳой, биродарим, нечун шошмайсан
Аллоҳнинг уйига қадам босгани?"
У айтди: "Эшит дўст, шошмай сан,
Эҳтиёж йўқ менда тоат қилгани.

Ўғрилик қилмасам, зино қилмасам,
Қайси бир айбимдан тавба қилайин?
Ёлғон айтмасам, гуноҳ қилмасам,
Не учун намозни муҳим билайин?"

"Аллоҳим, кечиргин, ушбу қулингни"
Дея намозга йўл олди дўстлар.
"Шошма-чи, қайтаргин, айтган сўзингни",
Овоз соҳибига тикилди кўзлар.

Сочлари оппоқ қордек мўйсафид
Ўқдек нигоҳини тикди йигитга.
"Шошмагин бироз, сўзларим эшит,
Эҳтиёжинг йўқми, болам, масжидга?

Ҳавога эҳтиёж сезасанми ҳеч,
Ёки сув ичгинг келмасми ҳечам?!
Шошилгин, бўтам, бўлмасидан кеч,
Аллоҳнинг азобидан бўлмагин беғам!"

Бу ажиб сўзларни йигит эшитиб,
Индамай уйига йўл олди такрор.
"Қаёққа?" сўради ҳамма ҳайқириб,
"Таҳорат қилайин, озгина вақт бор".

               ———

Дунёнинг ягона хақиқати шу:
Жиноятдир, Аллоҳга шукр қилмаслик.
Ва яна жиноят— тириксан токи
Аллоҳнинг номини зикр қилмаслик.

Адаштириб қўйса бировни Аллоҳ,
Жиноят кетидан қилар жиноят.
Аллоҳ ҳидоят қилсачи, ногоҳ
Биргина ўткир сўз қилар кифоят!

Фозил Муслим

понедельник, 1 октября 2018 г.

Пашшалар

     Бир пашша дайдиб учиб юраркан, ёпишқоқ қопқонга тушиб, ёпишиб қолди. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, чиқиб кетолмади, аксинча, баттар ёпишиб қолаверди. Ноилож ўлимига рози бўлиб, атрофни кузата бошлади. Қараса, ўзига ўхшаб ёпишиб қолган пашшалар кўп экан, яна кўпаймоқда ҳам.
     Хурсанд бўлиб, бор овозида бақирди:
     —Ҳой, биродарлар, ҳожатхонадаги китобда бир ривоят ўқигандим, бир қанча қушлар қопқонга тушиб қолишганида ҳаммалари келишиб олиб бир томонга учишади ва қопқонни кўтариб, овчидан қутулиб қолишади. Келинглар, биз ҳам шундай қиламиз!
     Бу фикр пашшаларга маъқул келди ва ҳаммалари биргаликда бир томонни мўлжаллаб учишга ҳаракат қила бошлашди. Аммо, ҳар қанча чиранишмасин, қопқон ўз ўрнидан ярим сантиметр бўлсин, силжимади. Пашшалар шу тариқа ҳалок бўлишди.
     Қиссадан ҳисса, агар сен пашша бўлсанг, ҳеч қандай ривоят ҳам, мақол ҳам ёрдам беролмайди.

вторник, 18 сентября 2018 г.

Қўлимда қалам

     Мен ҳам бир нима ёзай, ҳамма ёзиб ётибди-ю, деб қўлимга қалам олишга олиб қўйдим-у, ўйланиб қолдим. Нима хақида ёзсам экан? Мавзу йўқлигидан ўйланиб қолмадим, аксинча, шу қадар кўп-ки, орасидан бирини танлаш ўйлантиради одамни.
     Хўш, бизда ҳамма нарса тескарилиги хақида ёзсаммикин?
     Аввал бирор ўқитувчи мажбурий меҳнатга жалб қилинган вақти ҳалок бўлади, кейин мажбурий меҳнатга қарши курашилади.
     Аввал уйига қайтаётган бизнинг ватандошларимиз билан тўлган автобус ёниб кетади, кейин авиабилетлар нархи арзонлаштирилади.
     Аввал газ баллонлари ўрнатилган машиналар портлаб, йўловчилар вафот этади, кейин текширувдан ўта бошлайди машиналар.
     Аввал бирор бир қурилиш режаси тузилади. Ҳамма дарахтлар кесиб олинади ана ундан кейин дарахтларни сақлаб қолиш чора-тадбирлари кўрилади.
     Аввал яққол монополист бўлган УзКард тўлов тизими ишида узилиш бўлиб, бутун халқ бир неча кун картадаги пулларини ишлатолмай қолади, кейин айтилади: "Хоҳлаганлар келсин, ишласин, биз монополист эмасмиз", деб.
     Ёзсаммикин шулар хақида?
     А йўқ, менга тинчлик керак. Ахир, бизда аввал тил, виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлангани айтилади, кейин гапирганлар ўн беш кеча-кундуз йўқолиб қолишади-ку.
      Яхшиси, кейинги сафар, бирор бир яхшироқ нарса хақида ёзарман. Ўйлайманки, унча кўп кутишга тўғри келмайди. Унгача ҳаммамиз саломат бўлайлик.

вторник, 28 августа 2018 г.

Мухлис

     У интернет саҳифаларида янгиликларни кузатиб бораркан, кўзи Миллион жамоасининг янги концертига тушиб қолди. Узоқ вақт кутганди. Шоша-пиша концертни кўчиришни бошлаб, сабри етмай онлайн кўра бошлади. Маза қилди. Мириқиб кулди. "Узкий круг"да ошналарига айтиб беришга ярайдиган бир-икки лавҳаларни белгилаб ҳам олди.
     Концерт юкланиб бўлгач, яна бир маротаба кўриб чиқди. Бу сафар унча кулмади. Хаёли бошқаёққа кетди. Тўрт минг одам ўн мингдан билет олиб тушса қанча бўлиши, бу пул энг камида эканлиги-ю, концерт бир кун эмас, бир неча кун берилганлигини ўйлаб, ҳисоблаб чиқди эринмай. Туриб-туриб алам қилиб кетди. "Нимаси кулгили шу концертнинг? Ҳаммаси тутуриқсиз, кўпи "узкий круг"даги улфатларидан эшитган латифалар-ку.."
   Шуларни ўйлаб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кирди. Лентасида Миллион жамоаси аъзоларини кўриб қолиб, уларга захрини, аниқроғи аламини соча бошлади:
   "Чиқишларинг маънавиятга зид! Ёшларнинг тарбиясини бузяпсанлар!"
     Бу пайтда уйидагилар компютерда Миллион жамоасининг янги концертини кўришаётган эди...

Мухлис

     У интернет саҳифаларида янгиликларни кузатиб бораркан, кўзи Миллион жамоасининг янги концертига тушиб қолди. Узоқ вақт кутганди. Шоша-пиша концертни кўчиришни бошлаб, сабри етмай онлайн кўра бошлади. Маза қилди. Мириқиб кулди. "Узкий круг"да ошналарига айтиб беришга ярайдиган бир-икки лавҳаларни белгилаб ҳам олди.
     Концерт юкланиб бўлгач, яна бир маротаба кўриб чиқди. Бу сафар унча кулмади. Хаёли бошқаёққа кетди. Тўрт минг одам ўн мингдан билет олиб тушса қанча бўлиши, бу пул энг камида эканлиги-ю, концерт бир кун эмас, бир неча кун берилганлигини ўйлаб, ҳисоблаб чиқди эринмай. Туриб-туриб алам қилиб кетди. "Нимаси кулгили шу концертнинг? Ҳаммаси тутуриқсиз, кўпи "узкий круг"даги улфатларидан эшитган латифалар-ку.."
   Шуларни ўйлаб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кирди. Лентасида Миллион жамоаси аъзоларини кўриб қолиб, уларга захрини, аниқроғи аламини соча бошлади:
   "Чиқишларинг маънавиятга зид! Ёшларнинг тарбиясини бузяпсанлар!"
     Бу пайтда уйидагилар компютерда Миллион жамоасининг янги концертини кўришаётган эди...

понедельник, 21 мая 2018 г.

Ушалган орзу

"Ўғилли бўлдингиз!"
   Бу хабарни эшитганимда хизмат сафарида эдим. Қанчалик қувонганим, уйга қанчалик шошилганимни таърифлаб беролмайман...
   Доим ишдан келишимда ўғлимга ширинлик ёки бирор ўйинчоқ олиб келардим. У ҳар сафар "Сиз жуда яхши дадасиз, сизга ўхшашни истайман!", дер эди...
   Ўғлим жуда тез улғайди. Вақт тез ўтди. Ўн икки ёшга тўлган куни унга футбол тўпи совға қилдим. Хурсандлигидан боши кўкка етди.
   "Тўпни бирга ўйнаймизми, дада?", деб сўраганида:
   "Хозир ишим кўп, бир куни албатта ўйнаймиз", дедим. У ўша сўзларини такрорлади:
"Сизни жуда ҳам яхши кўраман! Сизга ўхшашни истайман, дада!"
   Олийгоҳга ўқишга кирганида ўғлим билан фахрландим. Кейинчалик, ишга жойлашганида ҳам, умуман, доим фахрландим у билан.
   Бир куни унга:
   "Ўғлим, бугун бирга овқатлансак бўларди", дедим. Ундан "Жуда ҳам яхши бўларди, анчадан бери бирга овқатланмагандик, баҳонада мириқиб гаплашардик, лекин хафа бўлманг, дада, бошқа сафар. Бугун жуда муҳим ишларим бор эди", деган жавобни олдим.
   Ўғлимдан хафа бўлмадим. Аксинча, хурсанд бўлдим:
   У орзусига етибди. Ҳудди ўзимга ўхшабди...

понедельник, 30 апреля 2018 г.

Романтиклар ўқимасин

     Йигит ва қиз боғдаги ўриндиқлардан бирида ўтиришарди. Кун иссиқ.  Қиз елпинганича деди:
     —Жоним, кола олиб келиб беринг.
     Йигит дарров ўрнидан турди ва сўради:
     —Пепси ичасизми колами?
     —Кола.
     —Бутылочныйми, баклажкаликми?
     —Баклажкалиик.
     —Каттасиданми, кичкинасиданми?
     Қизнинг асаби таранглашиб, ранги бўзара бошлади.
     —Кичкинасидаан.
     —Оддийсими, Зеросими?
     Қиз бақириб юборди:
     —Бўлди, кола ичмайман, оддий сув олиб келинг.
     —Хўп, газлими газсизми?
     —Газсиииииз!
     —Илиқроғиям бўлаверадими, муздек бўлсинми?
     —Йўқоолл!!!
     —Юриб кетайми, югурибми?
     —Уриб юбораман ҳозир!
     —Қўлингиз биланми, сумкангиз биланми?
     —Ҳайвон!
     —Итми, мушукми?
     Қизнинг ранги энди оқара бошлади.
     —Ўлдираман ҳозир!!!
     —Пичоқ биланми, болта биланми?
     —Пичоқ билан!
     —Бўғизлабми, чавақлабми?
     Қиз хушидан кета бошлади.
     —Докторга олиб борайми, доктор шу ерга келсинми?
     Қиз бутунлай хушидан кетиб, ўриндиққа суяниб қолди. Йигит қизнинг бошини ушлаб кўтариб, сўради:
     —Баландроқ кўтарайми, пастроқми?
     Жавоб бўлмагач, йигит буни қизнинг нозланиши деб ўйлади-да, кола олиб келгани юриб кетди.

понедельник, 23 апреля 2018 г.

Men— Mahalliychiman!

     Ijtimoiy tarmoqlarda ko'p kuzatib turaman, mahalliychilik bugun bir qancha bahslar, hatto, dahanaki janjallarga ham sabab bo'lmoqda. Har kim o'z viloyatini osmonlarga ko'taradi, boshqa viloyatni o'zinikidan past sanaydi. Qizig'i, huddi o'zi qilayotgan ishni boshqalarda ko'rib, uni mahalliychilikda ayblaydi. Buyog'i eski latifa: "Menda bo'lsa, ehtiyotkorlik, senda bo'lsa, qo'rqoqlik".
     Men ham eldan ajralmay, deb, mahalliychi bo'lib ko'rmoqchi bo'ldim. Ho'sh, biror viloyatni tanlab, maqtash kerakmi? Gap yo'q, maqtashni qoyillataman. Lekin, qayerni tanlasam ekan?
      1. Andijon. O, bu yerliklarning mehmondo'stligi-yu, shirin so'zliliklarini gapirmay iloj yo'q. Maqtash ham shart emas, borini gapirsangiz bo'ldi. Dunyoga chempionlarni taqdim etayotgan "Chempionlar yurti".
     2. Buxoro. Buxoroi sharif haqida gap ketganda Imom Buxoriy nomlari birinchi bo'lib esga tushadi. Shunday zotning avlodlarini qanday qilib boshqalardan past sanash mumkin?!
     3. Farg'ona. Askiya yurti, deb shu yerni aytisharmidi? Bilmadim-u, shaxsan o'zim taniydigan hamma Farg'onaliklar juda ham hushchaqchaq, samimiy insonlar.
     4. Jizzax. Yuqorida aytganim, tortishuvlarda taomlar haqida ham gap ketgandi. O'ylab qoldim, bular mashhur "Jizzax somsasi"dan yeb ko'rishmagandir-ov. Bo'lmasa, tortishib ham o'tirishmasdi.
     5. Namangan. Har narsani mos ta'rif ila sifatlashga odatlangan dono xalqimiz bu viloyatni "Gullar shahri", deydi. Albatta, bekorga emas. Butun mamlakatimizdagi eng go'zal bog'lardan biri aynan Namangan viloyatida joylashgan. Kirib, bir sayr qilgan odamning bahri-dili ochiladi.
     6. Navoiy. Respublikamizning eng yosh viloyati bo'lishiga qaramasdan, juda tez rivojlanibgina qolmay, butun Respublikani turli tabiiy boyliklar bilan ta'minlab kelyapti. Esimda borida aytib qo'yay, Navoiydan eksport qilinadigan qorako'l terisi chet davlatlarda ham ancha talash mahsulot hisoblanadi.
     7. Qashqadaryo. Qashqadaryoning dunyoga mashhur tandir go'shtidan gapirsam, qolganlar xafa bo'lishmasa ham kerak. Negaki, nafaqat 12 viloyatda, balki butunbdunyoda birdek seviladigan taom, o'ziyam.
     8. Samarqand. "Sayqali ro'yi zamin", deya ta'rif berishganda naqadar haq bo'lishgan. Registon maydonini tomosha qilaman, deb, Eyfel minorasi-yu, Misr ehromlari yurtidan ham kelishadi, kerak bo'lsa.
     9. Sirdaryo viloyati o'zining mehnatkash xalqi, ekin yerlarning kattaligi bo'yicha Respublikada birinchi o'rinda turishi bilan bemalol maqtanishi mumkin.
     10. Surxondaryo viloyatining tabiati Respublikada yagona bo'lsa kerak. Bu yerda uchraydigan noyob jonivorlar boshqa yerlarda uchrashi mahol. Viloyatda joylashgan "Surxon" davlat qo'riqxonasi ham bu gapimizning isboti.
     11.Toshkent. Yurtimizning ostonasi. Behazil, ostonasi tillodan yurtda yashaymiz o'ziyam.
     12. Xorazm. Bu ham alohida mavzu, aslida. Butun dunyoga maktab yaratib bergan Al-Xorazmiy bobomizning yurti.
     Ana, har bir viloyatning ta'rifini eshitib yaxshi ko'rib qolmay ilij yo'q. Xo'sh, qay birini tanlasam ekan? Birini aytsam, birini ko'zim qiymaydi...
    Topdim!
    Men— mahalliychiman! Men yashaydigan yurtda har biri bilan faxrlansa arziydigan o'n ikki viloyat bor!

среда, 4 апреля 2018 г.

Келажак (шу кетишда)

   2118-йил. 4-апрель. 07:30.

   -Ўғлим, бўлақол энди, мактабга кеч қоласан. Ҳали синглингни боғчага ҳам ташлашим керак.
   -Дада, боргим келмаяпди.
   -Ие, нега боргинг келмас экан?
   -Ээ, "Порнография" ўқитувчимиз кўчани супуришга жалб этилган, 3 сафардан бери дарсни биология ўқитувчимиз ўтяптилар. Ўтган дарс телефонимизга бир нечта видео намуналар ташлаб бергандилар, дискини топиб, уйда кўриб ўргангани. Агар тополмасак, металлолом олиб боришимиз керак экан.
   -Майли, қараб кўраман, қайси мавзуда?
   -Классика.
   -Яхши. (Ўғлининг бошини силаб) Агар яхши ўқисанг, сенга янги смартфон олиб бераман. Айфон118 деганидан. Рекламасмни кўрдингми, ўзимизда чиқяпди экан. Зўр ўйинлари бор.
   -Ээ, керакмас, телефон ҳам зерикарли. Яхшиси, янги робот олиб беринг. Қизболасидан.
   -Яхши, кейинги ойлигимга олиб бераман. Бу ойлигимни опангнинг мебелига ишлатсак керак.  Бўпти, мен кетдим.  Яхши ўтиринглар.