четверг, 25 октября 2018 г.

Ҳикоя

Намоз шом маҳал беш-олти йигит
Қизғин суҳбатлар қуриб туришар.
Кўчанинг бир ёни эски бир масжид,
Иккинчи ёнида яшарди улар.

Қизигандан қизиб борарди суҳбат,
Ўтганин билдирмай ўтди кўп вақтлар.
Бир ажиб чақирув янгради шу вақт:
"Аллоҳу акбар! Алло-о-ҳу акбар!"

Йигитлар бирдан қолишди шошиб,
"Таҳорат янгилаб олиш керак-ку?!"
Яна баъзилар ич-ичдан тошиб
Айтишар: "Намоз энг олий неъматку?!"

Фақат улардан бирин хаёли
Уй томон тушиб қолди ногаҳон.
Уйида кутарди фарзанд, аёли,
Дўстлари бу ҳолдан бўлишди ҳайрон.

"Ҳой, биродарим, нечун шошмайсан
Аллоҳнинг уйига қадам босгани?"
У айтди: "Эшит дўст, шошмай сан,
Эҳтиёж йўқ менда тоат қилгани.

Ўғрилик қилмасам, зино қилмасам,
Қайси бир айбимдан тавба қилайин?
Ёлғон айтмасам, гуноҳ қилмасам,
Не учун намозни муҳим билайин?"

"Аллоҳим, кечиргин, ушбу қулингни"
Дея намозга йўл олди дўстлар.
"Шошма-чи, қайтаргин, айтган сўзингни",
Овоз соҳибига тикилди кўзлар.

Сочлари оппоқ қордек мўйсафид
Ўқдек нигоҳини тикди йигитга.
"Шошмагин бироз, сўзларим эшит,
Эҳтиёжинг йўқми, болам, масжидга?

Ҳавога эҳтиёж сезасанми ҳеч,
Ёки сув ичгинг келмасми ҳечам?!
Шошилгин, бўтам, бўлмасидан кеч,
Аллоҳнинг азобидан бўлмагин беғам!"

Бу ажиб сўзларни йигит эшитиб,
Индамай уйига йўл олди такрор.
"Қаёққа?" сўради ҳамма ҳайқириб,
"Таҳорат қилайин, озгина вақт бор".

               ———

Дунёнинг ягона хақиқати шу:
Жиноятдир, Аллоҳга шукр қилмаслик.
Ва яна жиноят— тириксан токи
Аллоҳнинг номини зикр қилмаслик.

Адаштириб қўйса бировни Аллоҳ,
Жиноят кетидан қилар жиноят.
Аллоҳ ҳидоят қилсачи, ногоҳ
Биргина ўткир сўз қилар кифоят!

Фозил Муслим

Комментариев нет:

Отправить комментарий