Биласизларми нима? Мен ҳаммадан бошқачаман. Мақтаниш эмас бу. Шунчаки, ҳамма яхши ва мен ҳаммадан бошқачаман.
Мен ёмонман. Кўнглимдан ўтаётганларини тузук тушунтирмайман-у, мени тушунишмагани кўнглимга ботади. Жудаям қизғанчиқман. Муаммоларимни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман. Ҳеч кимга ҳеч нарса айт(ол)майман-у, менга таскин беришларини истайман. Худбинман. Ҳамма мени яхши кўришини хоҳлайман. Нега ёмон кўришади ахир?
Яқинларимнинг (улар ростдан ҳам яқинларим) менга бўлган эътиборларига муносиб жавоб бера олмайман. Бунинг учун мендан кўп хафа бўлишади. Виждоним қийналади, албатта. Лекин шунчалик ғурурлиманки, яна асл сабабни тушунтирмай, мендан хафа бўлмасликларини сўрайман. Қанийди, бир йўли бўлсаю ҳеч нарса айтмасам, лекин мени тушуна бошлашса. Йўқ, яхшиси, қанийди, айтолсам...
Ўзимни фақат эшитиш учун яралгандек ҳис қиламан. Менга муаммолари-ю, дардларини ишониб айтган, маслаҳат кутганлар кўп. Маслаҳат беришни ҳам қойиллатаман ўзи. Лекин ҳеч кимга ўзим хақимда гапиргим келмайди. Баъзан ёрилиб кетишимга оз қолади. Ўшанда кимгадир муаммоларим хақида гапирмоқчи бўламан. Энди оғиз жуфтласам, "Сенинг муаммоларинг билан унинг нима иши бор?", деган ўй келади.
Баъзида менга берилган маслаҳатларни эшитиб, мен берган маслаҳатларга ҳам бошқалар амал қилмаслигига ишона бошлайман. Ростдан ҳам, четдан туриб маслаҳат беришдан осонроқ нима бор? Танаси бошқа дард билмас, дейишади. Ҳа, ҳамманинг танаси бир бўлса ҳам, менинг танам бошқа. Мен— бошқачаман. Бу мақтаниш эмас...
Буларни ёзмасам бўлмасди. Рости, маза қилдим. Енгил тортдим. Энди бемалол хафа бўлишинглар мумкин.
Бу блог орқали қандай мавзуни ёритишим, нима ҳақида ёзишимни, рости, ҳали ўзим ҳам билмайман. Шунчаки, Бир кўнгилдан бошқа кўнгил(лар)га йўлланган Мактуб деб қабул қилгайсиз...
Комментариев нет:
Отправить комментарий