Уч минг ўн еттинчи йилнинг декабрь ойи,
Доктор эшигин қоқди хотин-эр.
Шифокор ўрнига ўрнашган кўйи,
Деди: —Нима гап, барин айтиб бер.
—Ёрдам бермасангиз бўлмайди сира,
Бормаган жойимиз қолмади ҳисоб.
Барининг ташхиси қандайдир хира,
Саволга олмадик аниқ бир жавоб.
—Ҳаяжонни босинг-у, оғирроқ бўлиб
Бир четдан сўзланг, муаммо неда?
Ҳаммасин айтинг, бир сафга солиб,
Ишонинг, ечимин топамиз тезда.
—Ўттизга кирган ўсмир боламиз
Қандайдир оғир дардга йўлиққан.
Нигоҳлари қаттиқ, ўткир боламиз
Билмадик, недандир қаттиқ толиққан.
Сўрасангиз, тайин йўқ гап-у сўзида,
Қаери оғришин ўзи ҳам билмас.
Маъно йўқ тошдай қотган кўзида
Қаттиқроқ туртмасак эътибор қилмас.
Элитган сари уларнинг ҳикоясини
Докторнинг юзини босди совуқ тер.
Тезроқ билсам-у, ниҳоясини,
Ишқилиб, кутганим бўлмасин, оҳ, дер.
—Ўғлингиз тўсатдан қаттиқ оҳ уриб,
Кўксини чангаллаб қолмасмиди ҳеч?
Тунлари ухлолмай инграниб чиқиб,
Кўзлари киртайиб қолмасмиди ҳеч?
—О, доктор, ҳудди шу аҳвол.
Сўрасангиз, ҳатто айтмас отини.
Бизни қўрқитманг, берайлик савол,
Ўғлимга не бўлган, айтинг ростини?
—Ўғлингиз йўлиққан ушбу оғир дард
Йўқолиб кетган, дея ўйлардим.
Икки мингинчи йиллардаёқ учрамай қўйган,
Билсам, аниғин сизга сўйлардим.
Тарихий, энг ноёб битикларда ҳам
Бу дарднинг келган фақат таърифи.
Давосин излаб тополмай ҳеч ҳам,
Ожиз қолган, ҳатто, жаҳон тарихи.
Бу дарднинг ягона яхши томони
Юқумли эмасдир, хавотир олманг.
Лекин касалликлар ичра ёмони—
Давоси йўғидир, хурсанд ҳам бўлманг.
Бизда ҳам бор шундай дардга чалинган,
Ҳамширамиз, бечора, аҳволи хароб.
Гўёки юраги юлиб олинган,
Савол бериб, тузук бир олмайсиз жавоб.
Эр-хотин баробар қаттиқ оҳ уриб,
Умидли кўзларин докторга тикди.
—Доктор, охирги умид, кўринг уриниб.
Хонага уларнинг ўғли ҳам кирди.
Ота-она ўғлининг қўлидан ушлаб,
Деярли судраб олиб киришди.
Бемалол ташхис қўйсин, деб ўйлаб,
Ташқарига бир зумга чиқиб туришди.
Доктор берган оддий бир савол,
Бечора йигитга етиб бормади.
Ўйланиб, тушунди, оғирдир аҳвол,
Умид сўндиришга ҳам кўнгли бормади.
Эр-хотин хонага қайтиб киришгач,
Уларга: "Ҳаракат қиламан", деди.
"Махсус даволаш курсин ўтамиз,
Хозирча ҳамширани чақирай", деди.
Чой олиб кирган ёш бир ҳамшира
Ўзга оламдан келгандек гўё.
Шу пайт ҳеч ким кутмаганида,
Йигит бошин кўтарди: тушми, ё рўё?!
Ҳамширага қараб юзи қизарди,
Қизнинг ҳам икки юзи лолазор.
Дунёдан қиммат бойлик топгандек,
Йигит: "Сизми?", деёлди базўр.
Ҳамшираҳам дунёни гўё унутиб,
Йигитнин бағрига отди ўзини.
Улар узоқ вақт бир-бирин қучиб,
Кўзлардан тушунгандек, айтган сўзини.
Доктор хитоб қилди жимликни бузиб:
—Табриклайман, сиз ҳам табрикланг!
Менимча, бу дарднинг давосин топдим!
Ўғлингиз бошини шу қиз-ла бирланг!
—Розимиз, барига розимиз, доктор!
Биз учун ўғлимиз соғайса бўлди!
Фақат айтинг, бу қандай дард ўзи,
Ҳамшира кирганда айтинг, не бўлди?
—Бу мен эришган энг катта ютуқ,
Қанча фахрлансам арзийди албат.
Бу— Ҳазрат Навоий, Шекспирларда
Таърифи келган ўша— Муҳаббат...